ЦЕФАЛОСПОРИН ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИНГ КЛИНИК ФАРМАКОЛОГИЯСИ
Abstract
Резюме. Цефалоспорин дори воситалари β-лактам антибиотиклар гуруҳига мансуб бўлган, клинисистлар томонидан замонавий клиник амалиётда кенг қўлланиладиган юқори самарали антибактериал дори воситалари ҳисобланади. Биз ушбу мақолада цефалоспоринларнинг клиник фармакологик хусусиятлари, жумладан уларнинг фармакодинамикаси ва фармакокинетикаси, антибактериал таъсир механизми ҳамда турли авлодлари бўйича таснифи кенг қамровда таҳлил қилдик. Мақолада адабиётлар шарҳи асосида цефалоспоринларнинг бактерияларга қарши таъсир спектри, уларнинг грам-мусбат ва грам-манфий бактерияларга қарши фаоллиги ҳамда β-лактамазаларга чидамлилик даражаси ўрганилган ва келтирилган. Шунингдек, дори воситаларининг организмда сўрилиши, тақсимланиши, метаболизми ва чиқарилиш жараёнлари, уларнинг клиник амалиётдаги самарадорлик таъсири турли хил нуқтаи назаридан баҳоланган. Бундан ташқари цефалоспоринларнинг касалликлардаги клиник қўлланилиши, хусусан нафас йўллари, сийдик йўллари, марказий асаб тизими ва юмшоқ тўқималар инфекцияларини даволашдаги муҳим ўрни ҳақида ҳам баён қилинган. Қолаверса, ушбу гуруҳга кирувчи дори воситаларининг хавфсизлик даражаси, ножўя таъсирлари, ундан ташқари дори воситаларининг аллергик реакциялар эҳтимоли ҳамда бошқа дорилар билан ўзаро таъсирлари таҳлил қилинган. Замонавий илмий адабиётлар асосида антибиотикларга чидамлилик (резистентлик) муаммоси, айниқса β-лактамаза ишлаб чиқарувчи бактериялар билан боғлиқ хавфлар кўриб чиқилган ва янги авлодга кирувчи цефалоспоринларнинг ушбу муаммони ҳал этишдаги аҳамияти ёритилган. Олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, цефалоспоринлар беморнинг индивидуал ҳолатига ёндашув асосида қўлланилганда юқори клиник самарадорлик ва хавфсизликни таъминлайди. Шу билан бирга, уларни нотўғри ва назоратсиз қўллаш антибиотикларга чидамлилик ва анафилакция ҳолатлари ривожланишига олиб келиши мумкин. Калит сўзлар: цефалоспоринлар, антибиотиклар, фармакокинетика, фармакодинамика, клиник фармакология