XVII АСР ЁЗМА ВА АРХИВ МАНБАЛАРИДА ЯЛАНГТЎШ БАҲОДИР ШАХСИ: ҲАРБИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛИЯТ, МУЛКИЙ МАҚОМ ВА ТАРИХИЙ ХОТИРА
Abstract
Мақолада Амир Низомиддин Ялангтўш Баҳодир шахси XVII аср Бухоро хонлиги ва унга туташ сиёсий маконлардаги ҳарбий-сиёсий жараёнлар, мулкий-ҳуқуқий муносабатлар ҳамда Самарқанддаги тарихий хотира нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Тадқиқот аввалги манбашунослик ёндашувини кенгайтирган ҳолда хроникалар, дипломатик хабарлар, сайёҳлар қайдлари ва архив актларини бир тизимда ўқишга қаратилган. “Мусаххир ал-билод”, “Баҳр ал-асрор”, “Тарихи Қипчоқхоний”, “Тарихи Муқимхоний”, “Матлаб ат-толибин”, “Самария”, Сафавий ва Бобурий манбалари Ялангтўш Баҳодирни қўмондон, оталиқ, музокарачи ва Самарқанд бошқарувидаги таъсирли амир сифатида кўрсатади. А.К. Арендс таҳририда О.Д. Чехович томонидан нашр этилган архив ҳужжатлари эса унинг ер сотиб олиш, солиқ имтиёзларини мустаҳкамлаш, мулки холис ва вақф мулкларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш амалиётини очиб беради. Мақоланинг асосий хулосаси шундан иборатки, Ялангтўш Баҳодирнинг тарихий мақоми фақат ҳарбий шон-шуҳрат ёки Регистон ансамбли билан эмас, балки ер-мулк, давлат тасдиғи, вақф тизими ва минтақалараро дипломатик алоқалар билан боғлиқ ҳолда тушунилиши лозим.
Not yet translated