АВТОМАТЛАШГАН ЖУРНАЛИСТИКА: СОҲА ТАЪЛИМИ ВА АМАЛИЁТИНИНГ КЕЛАЖАГИ
Аннотация
Ушбу мақола ОАВнинг техник тараққиёти, конвергенция ва рақамлашувнинг натижасида юзага келган автоматлашган журналистика мавзусини ёритишга бағишланган. Унда автоматлашган журналистиканинг юзага келиши, жаҳон ОАВ фаолиятига татбиқ этилиши натижасида қўлга киритилган ютуқлар таҳлил этилади. Илк бора автоматлашган журналистика турлари тасниф қилинади, компьютер алгоритмлари, робот бошловчилар (сухандонлар) ва дрон журналистика технологиялари, уларнинг имкониятлари ва хорижий ОАВ амалиётида бу борада амалга оширилаётган ишлар тадқиқ этилади. Уларнинг журналистика таълими ва амалиётига таъсири ўрганилади. Турли олимларнинг қарашлари асосида робот журналистлари фаолияти механизми, соҳадаги мавжуд муаммолар келтирилиб, журналистикага роботлаштириш жараёнини татбиқ қилиниши, робот журналистика технологиялари ва кўринишлари такомиллашиб бораётгани очиб берилади. Мақолада, шунингдек, миллий журналистика амалиёти ва таълимида автоматлашган журналистика технологияларидан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича ҳам умумлашма хулосалар билдирилади. Алгоритмик дастурлар яратиш учун дастурчилар, компьютер лингвистлари ва журналистларнинг хорижий тажрибани ўрганган ҳолда миллий робот журналистиканинг тамал тошини қўйишга чақирилади.