ЎЗБЕК ТИЛИНИ ИККИНЧИ ТИЛ СИФАТИДА ЎҚИТИШДА ЎҚУВ-БИЛУВ МАТЕРИАЛЛАРИНИ КОНЦЕНТРЛАР АСОСИДА ТАРКИБЛАШ ВА УЛАР БИЛАН БОСҚИЧЛИ КЕТМА-КЕТЛИКДА ИШЛАШНИНГ ДИДАКТИК ЖИҲАТЛАРИ
Аннотация
Бугунги кунда республикамизда яшовчи турли миллатлар вакилларининг давлат тилини ўрганиши жамиятимизда муҳим ижтимоий талаблардан бирига айланди. Бу республикамизда ўзбек тили таълимини такомиллаштиришнинг янги концептуал ёндашувлари ва тамойилларини белгилаб олиш, таълим самарадорлигини оширишнинг энг илғор методларини аниқлаш ва улардан унумли фойдаланиш масаласини кун тартибига қўймоқда. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар ва гуруҳларда ўзбек тилини ўқитишдан асосий мақсад таълим олувчиларнинг нутқини шакллантириш, яъни ўзбек тилида айтилаётган сўзлар ва гапларни тинглаб тушуниш ҳамда сўзлай олишга ўргатишдан иборат. Бунинг учун билимларни тақдим этишнинг ихчам, компакт моделларини яратиш, ўқув-билув материалларини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқувчилар онгига осон ва пухта сингдириш механизмини ишлаб чиқиш керак бўлади. Шундай янги концептуал ёндашувлардан бири бугунги кунда таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун яратилаётган модернизациялашган “Ўзбек тили” дарсликларида ўқув-билув материалларини нутқ мавзуси — грамматик маълумот — адабий ўқиш концентрларига жамлаб бериш орқали оғзаки ва ёзма нутқни шакллантиришга йўналтиришдан иборат. Бу ўзбек тилини ўқитиш жараёнида ўқув-билув топшириқларининг таркибланиши ва бажарилишида босқичли кетма-кетликка алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Педагогик таълим соҳасида янги авлод дарсликларини яратишда ўқув-билув материалларини концентрлар асосида таркиблашнинг дидактик параметрлари борасида айрим тадқиқот ишлари олиб борилаётган бўлса-да, айнан ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш методикасида бу масала алоҳида татқиқот объекти сифатида ўрганилгани йўқ. Мазкур мақолада таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун “Ўзбек тили” дарсликларида тақдим қилинаётган ўқув-билув материалларини концентрлар асосида таркиблаш ва улар билан босқичли кетма-кетликда ишлашнинг дидактик жиҳатлари баён этилди.