САЙҚАЛИЙНИНГ "БАҲРОМ ВА ГУЛАНДОМ" ДОСТОНИДА ФОЛЬКЛОР МОТИВЛАРИ ТАЛҚИНИ
Аннотация
Мақолада ХVIII асрда яшаган Сайқалийнинг “Баҳром ва Гуландом” достонига мотивларнинг қўлланилишига кўра ўхшаш ўзбек халқ эртаклари қиёсий ўрганилган. Сайқалий ўзбек адабиёти тарихида ўзига хос ўринга эга шоирлардан бири ҳисобланади. Шоирнинг бизгача етиб келган адабий мероси орасида “Баҳром ва Гуландом” достони алоҳида ажралиб туради. “Баҳром ва Гуландом” — ишқ-муҳаббат достони. Баҳром ва Гуландомнинг бир-бирига муҳаббати тасвири асосидаги воқеалар достон сюжетини ташкил этади. Халқ оғзаки ижоди анъаналари ва унинг ютуқлари “Баҳром ва Гуландом” достони яратилишида муҳим рол ўйнаган. Мақолада саргузаштнинг достон сюжетидаги ўрни, бош қаҳрамоннинг чексиз имкониятларга эгалиги, афсонавий куч-қудрати ва қаҳрамонликлари кабилар “Баҳром ва Гуландом” достонини фольклор асарларига яқинлаштириши илмий-назарий жиҳатдан таҳлилга тортилган. Айниқса, Баҳром образи тасвирида Сайқалий фольклор қаҳрамонларига хос хусусиятлардан самарали фойдаланадики, бу шоирнинг ўзига хос маҳорати ҳамда оғзаки адабиёт намуналарини яхши билганлигидан далолат беради. Хулоса қисмида достон ва эртак жанрларининг композицион қурилиши, образлари, фарзандсизлик, ов ва ғойибона ошиқ бўлиш мотивларининг муштарак қўлланиши, ўзига хос ғоявий-мавзувий йўналишга, ижтимоий-эстетик вазифаларга эгалиги ҳақида умумлашма фикрлар келтирилган.
Перевод пока недоступен