ЎҚУВ АДАБИЁТЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ ВА УЛАРДА МАТННИ ИНФОГРАФИКА КЎРИНИШИДА БЕРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ
Аннотация
Ахборот асрида маълумотлар сарҳадининг кенглиги аудиториянинг ахборот олишга бўлган талабини ҳам ўзгартирди. Бугун аудиториянинг алоҳида матн ёки одатий, овозли тасвир ва сўз уйғунлигидаги содда тузилишдаги материаллар билан чекланмай, ўзига хос қабул қилиниши осон, қулай, қийин ахборотни ҳам енгил, ҳам эсда қоларли ва кўркам тарзда олиш истаги юқори. Бу талаб таъсирида ўқув адабиётларига бўлган талаб ҳам ўзгарди. Дарсликларга енгил ва тез ўзлаштириш имконини берувчи форматларни киритиш тақозо этилади. Шу жиҳатдан, эндиликда ўқув адабиётларини тайёрлашга янгича ёндашиш зарур. Мазкур тадқиқотда биринчидан, ўқув адабиётларининг таркибий тузилиши ва турлари, электрон дарсликлар ва уларнинг ўзига хос жиҳатларини намоён этишида инфографиканинг ўрни каби масалалар ўрганилган ва таҳлил этилган. Иккинчидан, инфографика ўқув адабиётларини бойитиши, уни таъсирчанлигини ошириши ва дарсликни ўзлаштирилиши жиҳатдан соддалаштириш имконини бериши ҳақида фикр-мулоҳазалар келтирилган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, инфографикани нафақат ўқув адабиётларида, ўз навбатида, дарс жараёнларида ҳам бир неча усулларда қўллаш самарали. Ўрганишлар натижаси инфографика ўқув адабиётлари, умуман, дарс жараёнларини визуаллаштириш, соддалаштириш ва қизиқарли қилишда жуда самарали формат эканлигини тасдиқлади.
Перевод пока недоступен