ФИЛОЛОГИК ЙЎНАЛИШЛАР УЧУН ЯНГИ АВЛОД ДАРСЛИКЛАРИНИ ЯРАТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ
Аннотация
Мақола олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари учун яратилаётган янги авлод дарсликларида узвийликка амал қилиш муаммосига бағишланган. Таълимнинг самарадорлигига эришишда ўқув-методик таъминотнинг сифати муҳим аҳамиятга эга эканлиги маълум. Замонавий ўқув адабиётларидан нафақат бевосита ўқув жараёнида, балки мустақил таълим, масофавий таълимнинг турли шаклларида ҳам фойдаланиш мумкин. Таълим олувчиларнинг фанни ўрганишга бўлган мотивациясини ошириш учун ўқув адабиётларини яратишда интегратив ёндашувга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Олий таълимнинг бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун янги авлод дарсликларига қўйилаётган талаблар уларни яратишда узвийлик тамойилига амал қилишни тақозо этиши масаласи мақолада таҳлилга тортилган. Филологик йўналишларда бакалавриат ва магистратура талабалари учун тайёрланадиган дарсликларда компетент ёндашув ҳамда касбга йўналтириш тамойилларига амал қилиш юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Дарсликларнинг материали таълимнинг асосий мақсадларига жавоб бериши ҳамда билим ва малакаларнинг муайян даражасига эришишга кўмаклашиши лозим. Мақолада турли таълим босқичлари учун дарслик ва ўқув қўлланмалар яратишда уларнинг қайси хусусиятларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақида сўз юритилган. Бакалавриат ва магистратура талабалари учун ўқув адабиётларини тайёрлашда узвийликка амал қилиш бўйича тавсиялар берилган.
Перевод пока недоступен