АРАЛАШ ТАЪЛИМ (BLENDED LEARNING)НИНГ КОНЦЕПТУАЛ ВА ТЕРМИНОЛОГИК АППАРАТИ
Аннотация
Масофавий ўқитиш замонавий таълимнинг энг муҳим ва тобора оммалашиб бораётган шакли саналади. Масофавий таълим тизими педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, масофавий ўқитиш ҳамда муаммоли-вазиятли услублар каби замонавий таълим технологияларини кенг жорий этиш имкониятларини кенгайтирди, муайян муаммоларнинг бартараф этилишига ёрдам берди. Жумладан, масофавий ва анъанавий таълим усули элементларини ўзида акс эттирувчи аралаш таълимни секин-асталик билан нафақат жаҳон тажрибасида, балки миллий амалиётда ҳам ривожланиб, такомиллашиб бораётган соҳа сифатида эътироф этиш мумкин. Аралаш таълим — электрон таълим, ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий ўқув воситалари тақдим қиладиган янги дидактик имкониятларга асосланади. Мақолада аралаш таълимнинг концептуал ва терминологик аппаратини қиёсий таҳлил қилиш, «аралаш таълим» тизими ҳақида илмий-назарий маълумот бериш, атаманинг мазмун-моҳиятини ўрганиш мақсади қўйилган. Аралаш таълим атамаси кўпинча тадқиқотчилар ва амалиётчилар томонидан қўлланилади. Мақола якунида аралаш таълим моҳиятини очиб беришда тадқиқотчилар фикрларини ўрганиш орқали илмий хулосалар берилади.