ШАРҚ ФИЛОЛОГИЯСИДА БАЛОҒАТ ИЛМИ НАЗАРИЯСИНИНГ АСОСЧИЛАРИ
Аннотация
Жаҳон цивилизацияси ривожида аниқ фанлар билан бир қаторда тафсир, фиқҳ, ақоид, адаб масалаларини қамраб олган Қуръон илмлари ҳам муҳим мавқега эга бўлди. Ўрта аср олимларининг тилга оид назарий ва амалий масалаларни қамраб олган тилшуносликка оид қарашлари адаб илмлари таркибида луғат, сарф, наҳв, балоғат илмлари каби сертармоқ ва мураккаб илмий назариялар мажмуи сифатида ривожланиб, унинг ўрганиш объекти тил, тил ҳодисалари ва тил ифодаси бўлган нутқдан иборат бўлди. Тил — мураккаб рамзлар тизими сифатида баҳоланди. Мақолада адаб илмларидан ҳисобланган балоғат илми назарий асосларининг вужудга келиши ва ривожланишида муҳим ўринга эга бўлган балоғатшунос олимлар, уларнинг шу соҳага оид асарлари таҳлил қилинган. Жумладан, IX асрнинг биринчи ярмида Абу Убайда «Мажозу-л-Қуръон» асари билан балоғат илмига асос солган. Бу илм такомиллашиб борди ва XII асрда хоразмлик олим Абу Ёқуб Юсуф Саккокий маъоний, баён, бадиъ илмларини бир тизимга тушириб, «балоғат илми» деб атади. Балоғат илми назарий асосларининг вужудга келишида Абдулқоҳир Журжоний ва Юсуф Саккокий фан асосчиси сифатида эътироф этилади. Жалолиддин Қазвиний ва Саъдуддин Тафтазоний балоғат илмига оид назарий қарашларни ривожлантириш билан бирга унинг фан сифатида ўқитилишига катта ҳисса қўшган олимлардир. Мазкур илм араб, форс, туркий халқлар орасида кенг тарқалган ҳамда XIX–XX аср бошларигача ўқув даргоҳларида фан сифатида ўқитилган. Балоғат илмининг тил ҳодисаларига оид назарий қарашлари бугунги кун тилшунослигида ҳам долзарблик касб этади.
Ҳали таржима қилинмаган