СИГМАСИМОН ИЧАК БУРАЛИШИНИ ДАВОЛАШ: РШТЁИМНИНГ 23 ЙИЛЛИК КЛИНИК ТАЖРИБАСИ ТАҲЛИЛИ
Аннотация
Резюме. Сигмасимон ичак ўз тутқичи атрофида буралиши натижасида сигмасимон ичак буралиши (СИБ) юзага келади ва бу ичак тутилишининг сабабларидан биридир. Бу тадқиқот 2001 йилдан то 2024 йил август ойигача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази хирургия бўлимларида даволанган 241 нафар беморларни ўз ичига олади. Улардан эркаклар жами 157 киши (65,1%), аёллар эса 84 нафар (34,9%)дан иборат. Беморларнинг ўртача ёши 51,4±19,9 ни ташкил этди. Беморлар касалхонага ётқизилганда клиник кўрикдан ўтказилди, асосий лаборатор ва инструментал текшириш усуллари ўтказилди. СИБга шубҳа бўлганда, қўшимча равишда колоноскопия, ирригоскопия, қорин бўшлиғи аъзоларининг компьютер томографияси (КТ) ўтказилди. Бўлимда беморларга инфузион-спазмолитик, симптоматик терапия, тозаловчи клизмалар қилинди. Кўрсатмаларга кўра, очиқ ва лапароскопик ёндашувлар билан жарроҳлик ёрдами кўрсатилди. СИБ бўлган беморларда бажарилган муолажалар: 16 (6,6%) нафар беморда эндоскопик деторсия, 33 (13,7%) нафар беморда сифонли хуқна бажарилиб СИБ консерватив бартараф қилинган бўлса, 191 (79,2%) нафар беморга турли хил кўринишдаги оператив даво ўтказилган. Улардан 78 (32,3%) нафари илгари ўткир сигмасимон ичак буралиши билан турли хил муолажалар олган (колоноскопик декомпрессия, сифонли хуқна, паллиатив оператив даво) беморлар эди. 18 (9,4%) нафар беморда операциядан кейинги асоратлар кузатилди. Жами даволанган беморлардан 23 та ўлим ҳолати кузатилди (9,5%). Бизнинг текширишларимизда касалликнинг қайталаниши сигмопексия қилинган беморларда кўп учраган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, айрим беморларда касаллик қайталаниши 6 мартагача кузатилган, ҳар сафар беморга сигмопексия амалиёти ўтказилган. Шошилинч ҳолатларда СИБда ичакни резекция қилмасдан марказимиз томонидан ишлаб чиқилган усул ёрдамида «ёнма-ён» десцендо-сигмо анастомоз қўйиш орқали ичак тутилишини бартараф этиш бошқа операция усулларига нисбатан афзал вариант бўлиб, нафақат касалликни даволашга, балки унинг қайталанишини олдини олишга ёрдам берди, шунингдек, асоратлар кузатилмади. Калит сўзлар: сигмасимон ичак буралиши, долихосигма, эндоскопик деторсия, сигмопексия, «ёнма-ён» десцендо-сигмо анастомоз.
Ҳали таржима қилинмаган