Asosiy kontentga oʻtish
Maqola

Бухоро Шайбонийлари ҳарбий тизими манбашунослигига доир баъзи мулоҳазалар

Akbar T. ZamonovO'zbekiston Milliy universiteti
2023
ABI

Annotatsiya

Шайбонийлар даври тарихи нисбатан кам ўрганилган, бугунги кунда ўрганилиши долзарб бўлган мавзулар сирасига киради. Мақолада Бухоро хонлигида Шайбонийлар даврида мавжуд ҳарбий соҳа, қўшин тузилиши ва бошқаруви ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган форс, туркий ўзбек тилидаги манбалар ҳамда сайёҳ ва элчиларнинг эсдаликлари таснифланган. XVI асрда Дашти Қапчоқ, Мовароуннаҳр ва Хуросон тарихига оид манбалар талайгина. Улар бевосита ҳарбий соҳага бағишланган бўлмаса-да, келтирилган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнларга оид маълумотлардан ўрганилаётган мавзу доирасидаги масалалар ажратиб олиниб, илмий шарҳ амалга оширилди. Шайбонийлар даврида оид асарларнинг тили ва муаллиф ҳолатига қараб уч гуруҳда таснифланди: 1) форс тилидаги манбалар; 2) туркий – эски ўзбек тилидаги манбалар; 3) хорижий сайёҳ ва элчилар эсдаликлари. Манбаларнинг аксарияти форс тилида ёзилган бўлиб, уларда тарихий жараёнлар талқини асар муаллифининг дунёқараши, фикрлаш даражаси ва ҳукмрон диний қарашлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда талқин этилган. Шу боис, мазкур асарларда “денгиз янглиғ қўшин”, “саҳродаги қумлар мисоли кўп сонли аскарлари”, “темир тоғни эслатувчи зирҳли қўшин” сингари бадиий ташбеҳлар билан қилинган баёнлар бу даврдаги ҳарбий соҳани аниқ маълумотлар асосида ўрганиш имконини бермайди. Лекин шундай бўлса-да, улардаги ҳарбий соҳага оид маълумотлар аниқланиб, бошқа асарлардаги маълумотлар билан таққосланган ва илмий хулосалар олинган. Туркий – эски ўзбек тилидаги асарлар нисбатан камроқ бўлиб, улар ичида Бобурнинг “Бобурнома” асари ўрганилаётган мавзуга оид энг кўп маълумот берадиган асар ҳисобланади. Эсдаликлар эса, мавзуга оид маълумотларни янада ойдинлаштиради. Чунки, муаллифлар ўзга юртда дуч келган ва ўзлари учун ажабланарли бўлган кичик деталларгача аҳамият бериб, уларни ўз кундаликларида қайд этиб кетишганки, бу маълумотлар соҳа тарихидаги айрим номаълум қолаётган дараёнларни аниқлаштиришга ёрдам бермоқда. Мақолада Шайбонийлар даврида яратилган асарларнинг бугунги кунгача етиб келиши, сақланаётган жойи, ҳолати, таржимаси ва илмий ишлов берилиши билан боғлиқ асосий маълумотлар ҳам келтирилган ҳамда улардаги ҳарбий соҳа тарихига оид маълумотларнинг даражасига баҳо берилган.

Hali tarjima qilinmagan

Identifikatorlar

Iqtiboslar va manbalar

0 ta iqtibos0 ta foydalanilgan manba