ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШНИНГ УЗУМНИ ШАРОББОП НАВЛАРИ ҲОСИЛДОРЛИГИГА ТАЪСИРИ
Annotatsiya
Ушбу мақолада томчилатиб суғориш меъёрларининг узумнинг шароббоп навлари ҳосилдорлиги ва ҳосил сифат кўрсаткичларига таъсири ўрганилган. Тадқиқотлар 2023–2025 йилларда Тошкент вилояти шароитларида академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида олиб борилди. Тажрибаларда Баян ширей, Ркацители ва Рангдор шароббоп узум навларида ариқдан суғориш (назорат) ҳамда турли меъёрлардаги томчилатиб суғориш вариантлари (600, 500, 400, 300 ва 200 м³/га) ўрганилди.Олиб борилган тадқиқотлар натижасида томчилатиб суғориш узум бошининг ўртача оғирлиги, бир тупдаги ҳосил миқдори ва гектар ҳисобидаги ҳосилдорлик кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатиши аниқланди. Барча ўрганилган навларда энг юқори самара томчилатиб суғоришнинг 400 м³/га меъёрида қайд этилди. Жумладан, Баян ширей навида узум бошининг ўртача оғирлиги 395 г, бир тупдаги ҳосил 30,6 кг, ҳосилдорлик 340,0 ц/га ни ташкил қилди. Ркацители навида мазкур вариантда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 190 г, 25,7 кг ва 286,0 ц/га, Рангдор навида эса 384 г, 23,8 кг ва 265,0 ц/га га етди.Томчилатиб суғоришнинг 400 м³/га меъёрида мавсумий сув сарфи 1600 м³/га бўлиб, ариқдан суғоришга нисбатан 50 % сув тежамкорлиги таъминланди. Олинган натижалар асосида шароббоп узум навлари учун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликни таъминлаш мақсадида томчилатиб суғоришнинг 400 м³/га меъёри мақбул суғориш режими сифатида тавсия этилди.