ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРДА СТРЕСС УЙҚУ ВА ОҒИЗ СУЮҚЛИГИ КЎРСАТКИЧЛАРИНИНГ СТОМАТОЛОГИК ПАТОЛОГИЯ БИЛАН БОҒЛИҚЛИГИ
Annotatsiya
Резюме. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий фаолияти сурункали психоэмоционал зўриқиш ва уйқу тартибининг бузилиши билан тавсифланади, бу эса сўлак бези функцияси ҳамда оғиз суюқлиги гомеостазига салбий таъсир кўрсатиб, стоматологик касалликлар хавфини оширади. Ҳарбий контингентда стресс, уйқу ва оғиз суюқлиги биомаркерларининг стоматологик патология билан ўзаро боғлиқлиги етарлича ўрганилмаган. Тадқиқотнинг мақсади ушбу кўрсаткичларнинг стоматологик статус билан боғлиқлигини аниқлаш ва стоматологик хавфни эрта баҳолаш мезонларини асослашдан иборат. Кесишма (cross-sectional) тадқиқотда 511 нафар ҳарбий хизматчи текширилди. Психоэмоционал стресс даражаси Perceived Stress Scale (PSS-10) шкаласи ёрдамида баҳоланди, уйқу параметрлари сўровнома орқали, стоматологик статус эса клиник индекслар (жумладан, ПМА) ёрдамида аниқланди. Оғиз суюқлигида стимулланмаган саливация тезлиги, pH ва α-амилаза фаоллиги ўлчанди. PSS-10 баллари 15,73±2,89 дан 32,26±3,18 гача ошганда стимулланмаган саливация тезлиги 0,45±0,07 дан 0,23±0,09 мл/дақиқагача, сўлак pH 6,77±0,22 дан 6,26±0,24 гача пасайди, α-амилаза фаоллиги эса 125,74±32,34 дан 225,83±45,40 Б/л гача ошди. Корреляцион таҳлилда PSS-10 билан саливация тезлиги ўртасида кучли тескари (rS=-0,705), ПМА индекси билан кучли тўғри (rS=0,678) боғлиқлик аниқланди. Бу ўзгаришлар симпатоадренал фаолликнинг кучайиши ва сўлак бези секретор функциясининг сусайишини акс эттириб, оғиз бўшлиғининг ҳимоя салоҳиятини камайтиради ҳамда пародонт тўқималарида яллиғланиш хавфини оширади. Саливация тезлиги, pH ва α-амилаза стресс ва стоматологик хавфнинг информатив биомаркерлари сифатида хизмат қилиши мумкин. Олинган натижалар ҳарбий хизматчиларда хавф гуруҳларини эрта аниқлаш ва профилактик тадбирларни режалаштириш мақсадида психометрик ва саливатсион скринингни биргаликда қўллашни асослайди. Калит сўзлар: ҳарбий хизматчи, психоэмоционал стресс, PSS-10, уйқу, саливация, сўлак pH, α-амилаза, ПМА индекси, стоматологик хавф.
Hali tarjima qilinmagan