ГИПЕРЛИПИДЕМИЯ ВА ГИПЕРХОЛЕСТЕРИНЕМИЯ ШАРОИТИДА ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ ВА ОШҚОЗОН ОСТИ БЕЗИДАГИ ЁШГА БОҒЛИҚ МОРФОЛОГИК ЎЗГАРИШЛАР (АДАБИЁТЛАР ШАРҲИ)
Annotatsiya
Резюме. Гиперлипидемия дунё бўйича энг кенг тарқалган метаболик бузилишлардан бири бўлиб, юқори non-HDL холестерин билан боғлиқ ўлим ҳолатлари йилига 3,9 млн га етади. Липид алмашинувининг бузилиши нафақат юрак-қон томир тизимига, балки метаболизмни бошқарувчи эндокрин аъзолар – қалқонсимон без ва ошқозон ости безига ҳам морфологик таъсир кўрсатади, бироқ бу таъсирнинг ёшга боғлиқ қонуниятлари етарли ўрганилмаган. Мақсад – сўнгги 10 йилда (2015–2026) чоп этилган халқаро ва маҳаллий манбалар асосида гиперлипидемия ва гиперхолестеринемия шароитида ушбу безларда юзага келадиган морфологик ўзгаришларнинг ёшга боғлиқ хусусиятларини тизимлаштириш. PubMed/MEDLINE, Scopus, Web of Science, Google Scholar ва eLIBRARY базаларида қидирув ўтказилди; экспериментал морфометрик маълумотлар иккиламчи статистик таҳлилдан (Welch t-тести, Hedges g, ёш×парҳез ўзаро таъсири) ўтказилди. Соғлом аҳолида ошқозон ости бези стеатозининг тарқалиши 40 ёшгача 5,8% дан 60 ёшдан кейин 39,4% гача ортади. Юқори калорияли парҳезда ёш (6 ойлик) каламушларда қалқонсимон без фолликулалари майдони 39,1% га, коллоид майдони 58,5% га камайган (p<0,001), кекса (21 ойлик) ҳайвонларда эса фолликула майдони ўзгармаган (−3,6%; p=0,38), тиреоцитлар баландлиги 36,8% га ортган; ёш×парҳез ўзаро таъсири ишончли (z=−6,94; p<0,001). Изоляцияланган гиперхолестеринемия аралаш юқори ёғли парҳездан фарқли равишда ошқозон ости безида стеатоз чақирмаслиги мумкин. Хулоса қилиб айтганда, липид юкламасига аъзолар жавоби органга хос ва ёшга боғлиқ бўлиб, ягона морфометрик стандартлар асосида ёш бўйича стратификацияланган тадқиқотлар зарур. Калит сўзлар: гиперлипидемия, гиперхолестеринемия, қалқонсимон без, ошқозон ости бези, ёшга боғлиқ ўзгаришлар, морфометрия, липотоксиклик, ошқозон ости бези стеатози, тиреоцитлар, Лангерганс оролчалари.
Hali tarjima qilinmagan