KINETIC REGULARITIES OF THE SELECTIVE CONVERSION OF METHANE INTO C₂ HYDROCARBONS OVER AN Mn–Mo–Na–Zr OXIDE CATALYST
Litsenziya: cc-by
Annotatsiya
Метанни синтез-газ босқичини четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри C₂-углеводородларга айлантириш табиий газни чуқур кимёвий қайта ишлашнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур ишда марганец, молибден, натрий ва цирконий компонентларидан ташкил топган кўп компонентли оксид катализатор иштирокида метанни оксидланишли конденсатлаш жараёнининг кинетик ва механистик хусусиятлари ўрганилди. Катализатор намуналари золь–гель усулида тайёрланиб, уларнинг сирт ва фазавий хусусиятлари БЭТ, электрон микроскопия ва рентгенофазавий таҳлил ёрдамида баҳоланди. (Mn₂O₃)x·(Na₂MoO₄)y·(ZrO₂)z таркибли каталитик система иштирокида реакция ҳарорати, метан ва кислород нисбати, реагентларнинг парциал босими, газ аралашмасининг ҳажмий тезлиги ва контакт вақтининг метан конверсияси ҳамда маҳсулотлар селективлигига таъсири аниқланди. Реактор геометрияси ва газ оқими йўналиши C₂-углеводородлар ҳамда углерод оксидлари ҳосил бўлишига сезиларли таъсир кўрсатиши қайд этилди. Бу натижалар жараёнда сирт реакциялари билан бир қаторда газ-фазавий радикал босқичлар ҳам муҳим эканлигини кўрсатди. Экспериментал маълумотлар асосида метан сарфланишининг эффектив кинетик ифодаси, асосий ва ён реакциялар учун температурага боғлиқ тезлик константалари ҳамда концентрацион боғланишлар келтириб чиқилди. Катализатор таркибидаги кислороднинг метанни дастлабки фаоллаштиришда иштирок этиши тажрибалар орқали асосланди. Марганец оксиди миқдори камайтирилганда этилен унумининг пасайиши Mn-компонентнинг редокс ва кислород ташувчи вазифасини тасдиқлади. Кинетик, термодинамик ва квант-кимёвий натижаларни умумлаштириш асосида метаннинг дастлаб қаттиқ катализатор юзасида фаоллашиши, метил радикалларининг газ фазасига ўтиши, уларнинг рекомбинацияси натижасида этан ҳосил бўлиши ва этаннинг кейинчалик этиленга айланишини назарда тутувчи гетероген-гомоген механизм таклиф этилди.