СОН СУЯГИ ПРОКСИМАЛ ҚИСМИ СИНИШЛАРИДА ОПЕРАЦИЯДАН КЕЙИНГИ АСОРАТЛАР ХАВФИНИ МДА/СОД ИНДЕКСИ АСОСИДА БАШОРАТ ҚИЛИШ: ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН ХАВФ АЛГОРИТМИ
Annotatsiya
Резюме. Тадқиқот кекса ва қари ёшдаги беморларда сон суяги проксимал қисми синишидан кейинги асоратлар хавфини оксидатив стресс биомаркерлари ёрдамида эрта босқичда белгилаш имкониятини баҳолашга бағишланган. Проспектив кузатувга 60–94 ёшдаги (ўртача 73,7±8,4 йил) 127 нафар бемор киритилди; даволаш тактикасига кўра улар асосий (n=45), I таққослаш (n=43) ва II таққослаш (n=39) гуруҳларига ажратилди. Малон диалдегиди (МДА), диен конъюгатлари, супероксиддисмутаза (СОД), каталаза ва тикланган глутатион операциядан кейинги 5–7-кунда аниқланди. Боғлиқлик Спирмен коэффициенти, прогностик қиймат ROC-таҳлил орқали баҳоланди. Энг кучли корреляция МДА (суяк битиш муддати билан r=0,58) ва СОД (r=−0,55) бўйича қайд этилди. Алоҳида кўрсаткичлар ичида МДА (AUC 0,82; чегара қиймат >7,2 нмол/л) ва СОД (AUC 0,79; <1,12 шарт.бирл./мл) устун келди, МДА/СОД индекси эса энг юқори аниқликни намоён этди (AUC 0,86; чегара қиймат >6,0; сезгирлик 82,9%, спецификлик 80,2%). Индекс бўйича паст (<4,5), ўрта (4,5–6,0) ва юқори (>6,0) хавф гуруҳларида асоратлар частотаси мос равишда 7,9%, 25,9% ва 74,2% (χ², p<0,001), суяк битиш муддати эса 12,2±0,6; 14,2±0,7 ва 16,5±0,9 ҳафта бўлди. Таклиф этилган олти босқичли алгоритм юқори хавфли беморларни даволашнинг биринчи ҳафтасидаёқ ажратиш ҳамда антиоксидант терапия ва кузатув режасини табақалаштириш имконини беради. Калит сўзлар: сон суяги проксимал қисми синиши, асоратларни башорат қилиш, оксидатив стресс, МДА/СОД индекси, ROC-таҳлил, хавф гуруҳлари, кекса ёш.
Hali tarjima qilinmagan