“САДДИ ИСКАНДАРИЙ” ДОСТОНИДАГИ АДАБИЙ ТАЪСИР ВА ЎЗИГА ХОСЛИК МАСАЛАСИ ХУСУСИДА
Abstract
Санъатнинг ҳар қандай соҳасида бўлганидек, сўз санъатида — адабиётда ҳам ижодкорнинг оригиналлиги, фикрларининг ўзига хослиги, янгилиги муҳим ўрин тутади. Бироқ ҳар қандай асар адабий таъсир ҳодисасидан холи эмас. Алишер Навоий достонларига масаланинг шу жиҳатидан назар ташлаганда, адабий таъсирнинг оригиналлик билан олий даражада уйғунлашиб кетганлиги, буни эса бир қарашда илғаб олиш мушкуллиги сезилади. Мазкур мақолада шоирнинг анъана доирасида ўзининг янгиликларини ифодалаш маҳорати хусусида сўз боради. Ўзбек адабиётшунослигида миллий адабиётлар ўртасидаги муштарак анъаналарни “Хамса” достонлари асосида ўрганиш ишлари ўтган асрнинг 80–90 йилларида бир қадар олға силжиди, бироқ баъзи масалалар ечилмай қолди. Алишер Навоий асарларини қиёсий аспектда ўрганиш орқали шоир ижодининг жаҳон адабиёти ривожидаги муносиб ўрнини илмий асослаш, Навоийга хос янгилик ва ўзига хосликнинг намоён бўлиш қонуниятларини аниқлаш каби масалалар шулар жумласидандир. Мақолада Навоий ижодий услубига хос детерминизм қонунияти, шоирнинг бароати истиҳлол санъатидан фойдаланиш маҳорати “Садди Искандарий” достонидаги фотиҳа байтнинг қиёсий таҳлили орқали кўрсатиб берилган.